SO'Z LATOFATI

Ko‘mirga aylangan umr

Халқ мақоллари, маталларида бир ҳикмат бўладики, у ҳикматли сўз деб аталади ва асрлар оша оғиздан оғизга кўчади. Гап кўп, кўмир оз, деган иборада мен чуқур маъно, тагдор фикр кўрмадим. Суҳбат чўзилса сандалнинг чўғи совуб қолгани учун шундай дейдиларми? Бу гапда не бадиият, не ҳикмат бор? Ўйлашимча, бу ибора аслида гап кўп-ку, умр оз бўлган. Ку юкламасининг кейинги сўзга қўшилиб кетишидан умр кўмирга айланган. Аслиятни тикласак, дунёнинг дардини айтишга умр етмайди, деган фалсафий хулоса чиқади. Бу сингари замонлар оша тилдан тилга ўтиб, сўзлари, ҳарфлари ўзгариб кетган, асл маъносини йўқотган мақол ва маталлар кўп. Халқда Меҳмон отангдан азиз, Устоз отангдан улуғ деган ҳикмат бор. Бирор ақлли зот, отадан улуғ, отадан азиз инсон бўлмайди, деб айтган чоғи, кейинги вақтда Меҳмон отангдек азиз, Устоз отангдек улуғ дейиш урф бўлди. Отадан улуғ ва азиз кишининг йўқлиги ҳақиқат. Айнан шунинг учун ҳам бу ташбеҳ ишлатилади. Мақол халқ ижоди. Ижод бадииятсиз, бадиият муболағасиз бўлмайди. Инсон боши тошдан қаттиқ, деймиз. Тошдан қаттиқ нарса йўқлиги учун шундай деймиз. Тоғни урса талқон қиладиган йигит, деган гап бор. Тоғни майдалаб бўлмаслиги учун бу мақол қудратли ва боқий. Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган одам бўлмайди. Соч билан кўча супурилмайди, кўз ёши билан сув сепилмайди. Лекин ёр юрган кўчаларни супурай сочим билан, чанги чиқса сув сепай кўзлардаги ёшим билан, дея куйланади. Буни лутф дейдилар. Завқи йўқ одам лутфни англамайди. Бир дўстимиз бўларди. Латифа айтсалар кулмас, “йўғ-ей, бунақа бўлиши мумкин эмас” деб турарди. Шу дўстимиз адабий танқидчи бўлди, лекин адабиёт нима эканини, гўзаллик нима эканини англамай хўмрайганча дунёдан ўтиб кетди. Меҳмон отангдан улуғ, деганда биз аввало отани улуғлаймиз. Отадан азиз, отадан улуғ зотнинг йўқлигини муболаға воситаси билан тасдиқлаймиз. Нега мен бу арзимас хатога ёпишиб олдим? Гап шундаки, одамларда тафаккур кучи ортгани сари тасаввур кучи камайиб бормоқда. Завқ-шавқ ўрнини совуқ ҳисоб-китоб эгалламоқда. Ақл ва юрак баҳсида ҳиссиёт енгилиб, қуруқ мантиқ ғалаба қилмоқда. Бу жамият учун хатарли ҳол. Ўзбек аскияни унутса, дўстона ҳазилларни эсдан чиқарса, сўзнинг латофатини англамай қолса, бу фалокатдир. Мақолни таҳрир қилувчи ҳушёр дўстларга маслаҳатим бор: Агар “дан” ўрнига “дек” қўшишни жуда хоҳласангиз, халқнинг бошқа бир ибораси борки, уни шундай таҳрир қилса савобли иш бўлади. “Тўйлар қилинг, қамишдан бел боғлаб хизмат қилай,” дейдилар. Аслида қамишдан бел боғлаш эмас, қамишдек бел боғлаб хизмат қилиш тўғрироқ бўлади. Қамиш неча бўғинли бўлса шунча карра бели боғлиқ. Ичининг бўм-бўшлиги емай-ичмай хизмат қилишга, шамолда тебраниши тинч турмасликка, иш учун эгилишга, елиб югуришга тимсол. Хипчалиги, ингичкалиги эса меҳнатга шай турган ёш йигитчадек. Мана буни ҳикмат деса бўлади. Шу ўринда озроқ “лирик чекиниш”. Қамиш мумтоз адабиётимизда садоқат рамзи ҳисобланади. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг машҳур байти ўзбекчада шундай : Тингла найдин, не хикоятлар қилур, Айрилиқлардан шикоятлар қилур. Яъни, най аслида қамиш эди. Ботқоқ тўқайда ўсган эди. Уни кесиб най қилдилар, саройга келтирдилар, бахмалларга ўраб олтин нақшли ғилофларга солдилар. Эъзозлаб, суйиб лабга босдилар. У эса нола қилди, фарёд кўтарди. Ўзи ўсиб унган тўқайзорини соғинди. Ҳашаматли саройларни, топган иззат икромини асл макони бўлган ташландиқ қамишзорга алмаштиролмади. Шу боис найдан ҳамиша нола оҳанги чиқади. ERKIN VOHIDOV, "SO‘Z LATOFATI" KITOBIDAN

2020-10-29 11:29:57